USD: 11,818 so'm EUR: 13,788 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,119 so'm CNY: 1,758 so'm KZT: 26 so'm TRY: 246 so'm AED: 3,217 so'm USD: 11,818 so'm EUR: 13,788 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,119 so'm CNY: 1,758 so'm KZT: 26 so'm TRY: 246 so'm AED: 3,217 so'm

Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

Президент 163 та янги объектни ишга туширди

18 марта
Президент 163 та янги объектни ишга туширди

Бугун, 25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда давлат раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган кенг жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқимизни яқинлашиб келаётган улуғ байрам билан табриклаган.

Ортда қолган ўн йилда Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юз берган. Тадбиркорликка кенг йўл очилиб, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош саноат тармоқларини яратиш, чекка туман ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича улкан ишлар бажарилган. Таълим, тиббиёт ва маданият соҳаларига эътибор янги босқичга кўтарилган.

“Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида абадий муҳрланди”, дейди Президент.

Бу даврда иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилган, қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Бугун мамлакатда дунёнинг етакчи компаниялари, йирик инвесторлари ва халқаро молия институтлари иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инвестициялар кўпайиши билан саноат қиёфаси ҳам тубдан ўзгармоқда.

“Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз. Энг муҳими, янги корхоналар билан бирга замонавий технологиялар, янги касблар ва юқори малакали иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда”, дейди давлат раҳбари.

Жорий йилнинг ўзида 1,7 миллиард долларлик 56 та йирик замонавий саноат ва сервис объекти иш бошлаган, 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.

Шунингдек, бюджетдан ажратилган 46 триллион сўм ҳисобидан 385 та мактаб, 113 та боғча, 81 та шифохона, 7,5 минг километр йўл, 3,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилган, таъмирланган ва реконструкция қилинган.

Бугунги маросимда мамлакатнинг барча ҳудудларида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилган. Уларнинг очилиши Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлган.

Янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши таъминланади.

Инвестиция лойиҳалари энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон, тўқимачилик ва енгил саноат каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида 1 минг 573 мегаваттли электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати, Қорақалпоғистон Республикасида 200 мегаваттли шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими ишга туширилган. Навоий вилоятидаги янги энергетика лойиҳалари йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Мазкур лойиҳалар орасида мамлакатнинг экспорт салоҳиятини сезиларли оширадиган қувватлар ҳам бор. Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида ишга туширилган тўқимачилик, трикотаж ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари миллионлаб долларлик экспортни таъминлайди. Самарқанд ва Тошкент вилоятларида барпо этилган янги металлургия корхоналари ҳам саноат кооперациясини кенгайтириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилади.

Президент бугунги лойиҳаларни фақат инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари билан ўлчаш тўғри бўлмаслигини таъкидлаган. Янги ўқув йили арафасида ижтимоий соҳада ҳам кўплаб замонавий объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Улар орасида 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона бор.

Янги Тошкент ҳудудида жаҳон стандартлари асосида 10 гектар майдонда барпо этилган Янги Ўзбекистон университетининг замонавий мажмуаси шулар жумласидан. Бу ерда 7 минг нафар талаба таҳсил олиши учун шароит яратилган.

Олий таълим муассасасида Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Оксфорд университети билан биргаликда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича “Таълим хаби” ташкил этилади. 1 октябрдан Сунъий интеллект институти иш бошлайди.

Шунингдек, 30 минг квадрат метр майдонга эга беш қаватли янги Миллий кутубхона энг замонавий техникалар билан жиҳозланган. У бир вақтнинг ўзида 1,5 минг нафар китобхонга хизмат кўрсата олади. Бу ерда 28 дан зиёд ўқув хонаси ва заллар, турли сиғимдаги конференция заллари ташкил этилган, 200 мингдан ортиқ китоб жамланган.

Қарши шаҳрида 400 миллиард сўмлик Иқтисодиёт ва педагогика университетининг замонавий бино ва иншоотлари барпо этилган. Бу ерда 3 минг нафар талаба таҳсил олади, 700 нафар аҳоли даромадли иш билан таъминланади.

Фарғона вилоятидаги янги замонавий тиббиёт муассасасида эса йилига 60 минг нафар беморни даволаш ва 30 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш имконияти яратилган.

Давлат раҳбари янги объектларни барпо этишда иштирок этган инвестор ва тадбиркорлар меҳнатини юксак баҳолаган.

“Сиз киритаётган ҳар бир инвестиция Ўзбекистон келажагининг пойдеворини мустаҳкамлайди. Сиз яратаётган ҳар бир иш ўрни оилалар фаровонлигига хизмат қилади. Сиз ишлаб чиқараётган ҳар бир маҳсулот мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади. Сиз экспорт қилаётган ҳар бир товар Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширади”, дейди Президент.

Ушбу лойиҳаларни барпо этишда фидойилик кўрсатган қурувчилар, муҳандис ва лойиҳачилар, тадбиркор ва инвесторларга миннатдорлик билдирилган.

Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босган ва 72 та йирик инвестиция лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилган.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: