Ўзбекистонда 4 йилда умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Тақдимотда 2026-2030 йилларга мўлжалланган режалар кўриб чиқилган. Унга кўра, умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу орқали тармоқ ҳажмини 2028 йилгача 1 миллиард долларга, 2030 йилгача 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилган.
Жорий йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада юқори софликдаги селен, теллур ва рений каби 3 турдаги янги металл, кукун металлургияси асосида автодеталлар сингари 21 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳамда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, янги қувватлар ҳисобидан юзлаб иш ўринлари яратилади, бюджет тушумлари ва экспорт имкониятлари ортади.
Вольфрам ва молибден бўйича “хомашё – қайта ишлаш – тайёр маҳсулот” занжирини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу орқали фақат концентрат ёки ярим тайёр маҳсулот эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга металл кукунлари, қотишмалар, стерженлар, симлар, саноат учун деталлар ва бошқа тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсад қилинган.
Бунинг учун Чирчиқ шаҳрида “Келажак металлари” технопарки ва R&D марказининг фаолиятини кенг йўлга қўйиш белгиланган. У ерда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, юқори софликдаги металлар ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур шароит яратилади.
Президент технопарк ва унинг резидентларига ер участкалари ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш бўйича қўшимча имтиёзлар бериш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.
Марказий Осиёда муҳим минераллар бўйича ягона илмий-тадқиқот ва технологик марказни шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Чирчиқ шаҳрида ташкил этилаётган нанотаҳлил лабораторияси геология, кончилик ва металлургия лойиҳалари учун замонавий таҳлил хизматларини кўрсатади. Лаборатория тўлиқ ишга тушгач, бир кунда 1 мингтагача намуна таҳлил қилиниб, 6,5 миллион долларлик импорт хизматлари маҳаллийлаштирилади, яна 4 миллион долларлик хизматлар экспорти йўлга қўйилади.
Соҳадаги лойиҳаларни тезлаштириш учун геология-қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли майдонлар ва конларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш, хорижий инвесторлар ва технологик ҳамкорларни фаол жалб қилиш муҳимлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, тармоқда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш зарурлиги таъкидланган. Геологик маълумотларни ягона рақамли базага жамлаш, қидирув ишларини 3D моделлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш, бозор таҳлили ва лойиҳалар бошқарувини замонавий платформалар орқали ташкил этиш вазифалари белгиланган.
Соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Тошкент давлат техника университети билан дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, Технологик металлар комбинатида металлургия ва материалшунослик бўйича 2 та кафедра очилган. Айни вақтда университетнинг 64 нафар талабаси ишлаб чиқариш амалиётини корхонада ўтамоқда. Мутасаддиларга дуал таълим қамровини кенгайтириш, ўқув дастурларини янги лойиҳалар эҳтиёжига мослаштириш ва битирувчиларни юқори технологик ишлаб чиқаришларга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Давлат раҳбари муҳим минераллар соҳаси янги саноат тармоқларини шакллантириш, экспортни кўпайтириш, технологик мустақилликни таъминлаш ва юқори малакали иш ўринлари яратишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Мутасаддиларга 2026-2030 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берилган.