IMAN Holding 20 млн долларлик камомад ҳақидаги баёнотга жавоб қайтарди. Компания раҳбари лавозимидан кетяпти
Аввалроқ, Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши вакили Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида баёнот бериб, “Iman Invest” компаниясидаги молиявий тафовутлар ва инвесторлар маблағлари билан боғлиқ масалаларни очиқлаган эди. Унинг айтишича, компаниянинг 70 миллион долларлик портфелида 20 миллион долларлик камомад бор.
IMAN Holding ушбу талқинга қўшилмаслигини билдириб, келтирилган сумма учта алоҳида молиявий кўрсаткични бирлаштириши ва уларни бевосита зарар сифатида баҳолаш нотўғри эканини маълум қилди.
Компания мазкур кўрсаткичларни изоҳлади
Биринчиси, 3,5 миллион доллар – муаммоли қарзлар бўйича захиралар билан қопланмаган риск. 1 октябрь ҳолатига бундай қарзларнинг портфелдаги улуши 6,5 фоизни ташкил этган. 31,91 миллиард сўмлик захиралар ҳисобга олинганда эса бу кўрсаткич 3,5 фоизга тушган.
Иккинчиси, 2,97 миллион доллар – бошқарув компаниясининг инвестиция фонди олдидаги қарзи. Компания изоҳига кўра, бу қарз бошқарув ташкилотининг жорий харажатларини фонд маблағлари ҳисобидан молиялаштириш оқибатида юзага келган. Ушбу амалиётлар аввал амал қилган оферталар шартларига мувофиқ бажарилган. Жумладан, 2025 йил 28 январдаги оферта IFSB томонидан тасдиқланган. Компаниянинг таъкидлашича, бу амалиёт июль ойида тўхтатилган ва маблағларни ноябрь ойидан бошлаб олти ой ичида қайтариш режалаштирилган.
Учинчиси – 140,75 миллиард сўм миқдоридаги ортиқча капитал. Мурожаатда барча инвесторлар маблағларини қайтариб олишга ариза берган тақдирда, уларга пулни тўлиқ қайтариш имконияти йўқлиги айтилган эди. IMAN маълумотларига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига насия савдо портфели 1 трлн 105 млрд 777 млн сўмни, инвесторлар портфели эса 965,02 миллиард сўмни ташкил этган. Компания бу рақамлар молиявий тафовут мавжуд эмаслигини кўрсатишини билдирган.
Ҳозирча томонлар билдирган фикрларни тасдиқловчи мустақил хулоса мавжуд эмас.
Автомобиллар хариди бўйича ҳам изоҳ берилди
Мурожаатда фонд билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан харид қилинган иккита автомобиль масаласига ҳам эътироз билдирилган. 2026 йил апрель ойида компания асосчиси Рустам Раҳматов учун тахминан 128 минг долларга Mercedes-Benz C500 автомобили харид қилинган. Компания маълумотига кўра, автомобиль фонд фойдасига ижарага бериш мақсадида олинган ва унга бозор ставкасида ижара ҳақи белгиланган. Кейинги текширувда ушбу битим исломий молиялаштириш тамойилларига мос келмаслиги тан олинган.
IMAN маълум қилишича, 12 август куни автомобиль сотилган, унинг қиймати ва ижара тўловлари тўлиқ қайтарилган.
Шу билан бирга, 2023 йилда бўлиб тўлаш шарти билан харид қилинган BYD Champion автомобили бўйича қарздорлик 31 июль куни Рустам Раҳматов томонидан муддатидан олдин тўлиқ қопланган. Тўланган сумма 366,9 миллион сўмдан ошган.
Компаниянинг қайд этилишича, билдирилган эътирозларнинг асосий қисми аниқланган заҳоти ҳал қилинган, айрим масалалар эса ҳозирда бартараф этилмоқда.
Юзага келган вазият муносабати билан IMAN Holding раҳбарияти компания фаолиятини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирларни ҳам маълум қилган. Жумладан, компаниянинг кундалик бошқарувини янги мутахассисларга топшириш ва асосчи Рустам Раҳматовни кузатув кенгашига ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, исломий молия қоидаларига риоя этилишини таъминлаш учун уч нафар олимдан иборат Шариат кенгашини тузиш ҳамда молиявий шаффофликни ошириш мақсадида мустақил аудиторларни жалб қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) “Iman Invest” билан барча ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилган эди. Кенгашнинг дастлабки хулосаларида инвесторлар маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар ва бир неча миллион долларлик камомад ҳақида айтилган.
Компания асосчиси Рустам Раҳматов эса бу даъволарни рад этиб, келишмовчилик Маҳмуд Усмоннинг хизмат ҳақларини камайтириш ва компания акцияларидан улуш берилмагани билан боғлиқлигини билдирган. Кейинроқ эса Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида янги баёнот бериб, компаниядаги молиявий тафовутлар ва инвесторлар маблағлари билан боғлиқ масалаларни очиқлади. У компаниянинг 70 млн долларлик портфелида 20 млн долларлик камомад аниқланганини даъво қилди.