USD: 12,009 so'm EUR: 13,688 so'm RUB: 154 so'm GBP: 15,897 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 25 so'm TRY: 257 so'm AED: 3,270 so'm USD: 12,009 so'm EUR: 13,688 so'm RUB: 154 so'm GBP: 15,897 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 25 so'm TRY: 257 so'm AED: 3,270 so'm

Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

Саддам, Қаззофий, Слободан Милошевич ва Мадуро – яқин тарихда АҚШ томонидан ағдарилган давлат раҳбарлари

196 марта

Саддам, Қаззофий, Слободан Милошевич ва Мадуро – яқин тарихда АҚШ томонидан ағдарилган давлат раҳбарлари

Бундан бир неча кун олдин АҚШ ҳарбийлари Венесуэлада махсус операция ўтказди ва мамлакат президенти Николас Мадурони ҳибсга олди. Сўнг уни Нью Йоркка олиб келди. Бу АҚШ томонидан хорижий давлат раҳбарларини йиқитиш билан боғлиқ биринчи операция эмас. Америкаликлар шу пайтгача бир нечта давлат раҳбарини ағдаришда бевосита ва билвосита иштирок этган.

“Бугун дунёда тартиб бузилди. Қудратли давлатлар хоҳлаган ишини қиляпти” деган гапларни бот-бот эшитамиз. Бироқ дунё тарихида ҳеч қачон сиёсий тартиб бўлмаган ва қудратли давлатлар доим хоҳлаган ишини қилган.

Ҳатто Ер юзи бўйлаб 70-80 млн одамнинг умрига зомин бўлган, 50 дан ошиқ давлатнинг вайронага айлантирган Иккинчи жаҳон уруши ҳам инсоният учун дарс бўлмади. Аксинча, шу урушдан сўнг дунёнинг қудратли давлатлари турли мамлакатларни ўз таъсир доирасига олиш учун хоҳлаган ишини қилди.

Жумладан, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари ва уларга қарши бўлган СССР аралашуви ортидан Хитойда 4 йил, Корея яриморолида 3 йил фуқаролар уруши бўлиб ўтди. Сўнг қуролли можаролар ва уруш Ҳиндихитой яриморолига кўчди. Оқибатда Вьетнамиккига бўлиниб, бир бири билан ўн йилдан ошиқ уришди.

Бунда Шимолий Вьетнамни СССР ва Хитой, Жанубни эса АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўллади. Оқибатда яна миллионлаб одамлар ҳалок бўлди. Мамлакат вайронага айланди. АҚШнинг Вьетнамдаги мағлубиятидан етарлича хулоса чиқармаган СССР 1979-йилда Афғонистонга бостириб кирди. Совет армияси бу ерда 10 йил уришди ва охир-оқибат шармандаларча енгилди.

1991-йилда СССР парчаланди: иккинчи қутб қулади. Шунда ҳам дунёда тинчлик ўрнатилмади. Болқон яриморолида серблар мустақиллик эълон қилган республикаларни бўйсундириш учун уруш бошлади. Охир-оқибат бу уруш НАТО аралашуви билан тинчиди.

2008 йил 8 августда Грузия ўзига тегишли бўлган Жанубий Осетияни бўйсундириш шу ўлкага қўшин киритди. Гарчи бу ҳужумнинг Россияга умуман алоқаси бўлмаса-да, руслар дарҳол Грузияга бостириб кирди ва унинг катта қисмини эгаллади. Михаил Сакашвили шармандали сулҳни имзолашга мажбур бўлди.

Дунё яна тинчимади: Россия 2014-йилда Украина шарқини ва Қримни эгаллади. Сўнг 2022 йил февралда бу давлатга кенг миқёсда ҳужум бошлади. Бу сафар Москвада ўтирган корчалонлар ўз хатти-ҳаракатини “Украинадаги русларни ҳимоя қилиш” деб атади.

Шунингдек, Америка ҳам қараб турмаяпти ва бу давлат 2001-йилда Афғонистонга, 2003-йилда Ироққа бостириб кирди. 2025-йилда Трамп иккинчи марта АҚШ президентига айлангач, Гренландияга кўз тика бошлади, Канадага АҚШ штати бўлишни таклиф этди, Венесуэлага босимни оширди. Охир-оқибат 2026 йил 3 январь куни Венесуэла президентини Каракасдаги саройида ҳибсга олиб, Нью Йоркка олиб кетишди.
Америкаликлар томонидан бошқа давлат раҳбарини ағдариш биринчи марта содир бўлмаяпти. Улар шу пайтгача бу ишни бир неча марта қилган. Қуйида улар томонидан ағдарилган давлат раҳбарлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
Муҳаммад Масиддиқ, Эрон бош вазири

Фото: bitypic.com
1950-йилларда Эронда паҳлавийлар сулоласи вакили Муҳаммад Паҳлавийҳукмронлик қиларди. Эронда паҳлавийлар ҳукмронлиги 1925-йилдан бошланган. Ўшанда Муҳаммаднинг отаси Ризо Паҳлавий бу давлатни 1795-йилдан буён бошқариб келган туркманларнинг қожарлар сулоласи вакили Аҳмадшоҳ Қожарни йиқитади.
Сўнг унинг ўрнига ўзи Эрон шоҳи бўлади ва 1941-йилгача давлатни бошқаради. Ўша йили Британия ва СССР Эронга қўшин киритади. Улар Ризо Паҳлавийни тахтдан қувиб юборишади ва уруш охиригача Эронни назорат қилишади. Кўп ўтмай улар Муҳаммад Паҳлавийни тахтга ўтқазишади.

Муҳаммад Паҳлавий даврида Эронни асосан бош вазирлар бошқарган. 1951-йилда Эрон парламенти қожарлар сулоласи вакили Муҳаммад Масиддиқнибош вазир этиб сайлайди. Бу шахс Эрон нефть конларини миллийлаштириш қонунини ишлаб чиққанлардан бири эди.
Масиддиқ бош вазир бўлгач, ана шу қонунни татбиқ қилишни бошлайди. Эрондан Америка ҳамда Британия компанияларини ва уларнинг мутахассисларни чиқариб юборади. Шундан сўнг Эроннинг АҚШ ва Британия билан муносабатлари кескин ёмонлашади.

1952 йил октябрда Масиддиқ Британия билан дипломатик муносабатларни узади. 1953-йилда МРБ раҳбари Масиддиқни ағдариш учун 1 млн доллар ажратади. Эронда намойишлар бошланади ва одамлар шоҳ Муҳаммад Паҳлавийнинг суратларини йиртиб, ҳайкалларини йиқита бошлашади.

Шоҳ аввал Ироқ пойтахти Боғдодга, сўнг Римга қочиб кетади. 1953 йил Масиддиқ ҳам МРБ ва МИ-5 ходимлари ёрдамида ағдарилади. Унинг ўрнига ички ишлар вазири бўлиб ишлаб турган Фазлуллоҳ Зоҳидий Эрон бош вазири бўлади.
Салвадор Аленде, Чили президенти

Фото: alamy.com
1970-йилда Чилида ўтказилган президентлик сайловида 62 ёшли Салвадор Аленде ғалаба қозонади. У Чилида социалистик тузум ўрнатади ва мамлакатдаги барча йирик хусусий компаниялар ҳамда банкларни давлат фойдасига мусодара қилади.

Шунингдек, ерлар ҳам давлат ҳисобига ўтказилади. Яъни СССРда хусусий мулк қандай маҳв этилган бўлса, Аленде Чилида шу йўлни тутади. Ўша пайтларда Чилига киритилган хорижий сармоянинг 80 фоизи америкаликларга тегишли эди. Шу сабабли Аленденинг социалистик ислоҳотларидан энг кўп АҚШ компаниялари зарар кўради. Шундан сўнг Америка ҳукумати Алендега босим ўтказа бошлайди.

1971-йилда АҚШнинг Экспорт-импорт банки Чилига пул ўтказишни бутунлай чеклаб қўяди. Ўша йили Жаҳон банки ҳам Чилига кредит беришни тўхтатади. Бунга жавобан Чили 1972-йилдан бошлаб ташқи қарзни тўлашни тўхтатиб қўяди.

Аленде бошлаган социалистик ислоҳотлар Чили иқтисодиётининг ортга кетишига, миллионлаб иш ўрни йўқотилишига олиб келади. Оқибатда ишидан айрилган одамларнинг оммавий намойишларга чиқишига сабаб бўлади.
1973-йилга келиб мамлакат аҳолиси иккига – Аленде тарафдорлари ва уларга қаршиларга бўлинади. Алендега қарши бўлганлар намойишларда натижага эриша олмагач, ҳукуматга қарши партизанлик урушини бошлаб юборади. Уларни асосан АҚШ қўллайди.
1973 йил 11 сентябрь куни Чили пойтахтида ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштиради ва президент саройини эгаллайди. Расмий маълумотларга кўра, ҳарбийлар саройга кирган пайтда Салвадор Аленде ўз жонига қасд қилади.
Бироқ бошқа маълумотларга кўра, Салвадор Алендени саройга ҳужум қилган ҳарбийлар орасида бўлган МРБ ходимлари ўлдирган.
Жан-Бертран Аристид, Гаити президенти

Фото: time.com
Жан-Бертран Аристид икки марта Гаити президенти бўлади ва икки марта ағдарилади. У 1990-йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонади. Қасамёд қилиш маросими 1991 йил февралда ўтказилади.

Кўп ўтмай Гаити ҳарбийлари Жан-Бертраннинг президентлик қилишига қарши чиқишади ва унга ўз ихтиёри билан хорижга кетишни таклиф этишади. 1991 йил сентябрда Жан-Бертран Венесуэлага қочиб кетади.

1994-йилда Жан-Бертран Аристид АҚШ ҳарбийлари ёрдамида мамлакатнинг қонуний президенти сифатида Гаитига қайтади. 1996 йил февралда президентлик муддати тугайди ва у ўрнини бўшатади.

2000-йилда ўтказилган сайловларда Жан-Бертран яна ғалаба қозонади. 2004-йилга бориб уни коррупцияда айблашади ва намойишлар бошланиб кетади. Намойишчилар президент истеъфосини талаб қилишади.

2004 йил 29 февраль куни америкалик ҳарбийлар Жан-Бертранни ҳибсга олишади ва уни Африкага олиб кетишади. Америкаликлар Жан-Бертранни ЖАРга олиб боришади ва бир муддат тутқунликда ушлашади.

2011-йилда у Гаитига қайтиб келади. 2014-йилда Жан-Бертранни бир пайтлар президентлик вақтида коррупция билан шуғуллангани учун уй қамоғига ҳукм қилишади. Жан-Бертран 2004-йилда ўзини америкалик ҳарбийлар ағдарганини ва куч билан Гаитидан олиб чиқиб кетганини айтган.
Слободан Милошевич, Югославия президенти

Фото: russian7.ru
Слободан Милошевич 1989-йилда Югославия таркибидаги Сербия Республикаси раҳбари бўлади. 1991-йилда у мамлакат президенти деб эълон қилинади. Ўша пайтларда Югославияда асосан серблар ҳукмрон эди.

Ўша пайтда СССР парчаланиши ортидан Югославия таркибида бўлган Хорватия, Словения, Босния, Македония ҳам ўз мустақиллигини эълон қилади. Бу иш сербларга ёқмайди ва улар мустақил бўлган республикаларни қайта ўз таъсир доирасига олиш учун уруш бошлайди.
Милошевич ана шу урушни фаол қўллайди. Бироқ серблар унда ғалаба қозона олмайди. 1995-йилда АҚШнинг Dayton шаҳрида ўтказилган музокараларда Милошевич Хорватия ва Босния мустақиллигини тан олади. Шу ерда тинчлик келишуви имзоланади.

Бироқ шундан кейин ҳам сербларнинг зўравонликлари тўхтамайди. Энди улар мустақиллик эълон қилган Косово албанларини қирғин қила бошлайди. Сербларнинг Косоводаги хунрезликларига айнан Милошевич бошчилик қилади. Унинг буйруқларига бўйсунган серб армияси мусулмонларни қиради, аёлларни зўрлайди, этник тозалашлар ўтказади.
Охир-оқибат бу можарога НАТО аралашади ва 1999-йилда Милошевич бошқараётган Югославияни бомбардимон қилади. НАТО билан урушда енгилган серблар Косоводан ўз ҳарбийларини олиб чиқишади. Шундан сўнг халқаро суд Милошевични инсониятга қарши жиноятларда ва мусулмон албанларни геноцид қилишда айблай бошлайди.

2000-йилда Югославияда (бу пайтда унинг таркибида Сербия ва Черногория қолган эди) президентлик сайлови ўтказилади. Милошевич унда ютқазади, бироқ рақибига президентликни топширишни истамайди.

Шундан сўнг унга қарши намойишлар бошланади ва Милошевич ағдарилади. Унинг йиқитилишида АҚШнинг ҳам ҳиссаси катта. 2001-йилда халқаро ташкилотлар босими остида Сербия Милошевични халқаро судга топширишга рози бўлади. У Белградда ҳибсга олинади ва Гаагадаги халқаро судга олиб кетилади.

Суд жараёни бир неча йил давом этади ва Милошевичнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли 22 марта кечиктирилади. 2006-йилда у Гаагадаги ҳибсхонада юрак хуружи туфайли вафот этади. Шундан сўнг суд жараёни тўхтатилади.
Мануэл Норега, Панама

Фото: alamy.com
1968-йилда ҳарбий қўмондон Омар Торрихос президент Арнулфо Ариасни ағдаради ва Панама ҳарбий раҳбарига айланади. Унинг ёрдамчиси Мануэл Норега ҳукумат раиси ва Панама ҳарбий разведка бошлиғи бўлади. 1981-йилда Торрихос вафот этади ва Норега Панама ҳарбий раҳбарига айланади.

1980-йилларнинг иккинчи ярмида Норега туфайли АҚШ ва Панама ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлайди. 1988-йилда Маями суди Норегани гиёҳванд моддалар контрабандасида, рекетликда ва пул ювишда айблайди.
Шундан сўнг АҚШда Норегани ағдариб ташлаш режасини тузишади. 1989-йилда Панамада президент сайлови ўтказилади ва унда Норегага қарши бўлган кучлар вакили ғалаба қозонади. Норега сайлов натижаларини бекор қилади.
Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Панамада махсус операция ўтказади ва Норегани ушлаб, АҚШга олиб кетади. Ўшанда Маями суди Норегани бир қатор жиноятлар бўйича айбдор деб топади ва унга 40 йил қамоқ жазоси тайинлайди.

1995-йилда Норега Панамада ҳам сиртдан суд қилинади ва унга 20 йил қамоқ жазоси берилади. Норега АҚШдаги қамоқхонада 17 йил ўтиради. 2007-йилда уни Францияга жўнатиб юборишади. Чунки 1999-йилда Франция суди уни сиртдан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Норега бир неча йил Францияда қамоқда ўтиргач, 2011-йилда французлар уни Панамага топширади. У 2017-йилда Панама қамоқхонасида вафот этади.
Муаммар Қаззофий, Ливия раҳбари

Фото: courrierinternational.com
Муаммар Қаззофий 1969-йилда ўз маслакдошлари билан Ливияда давлат тўнтариши уюштиради ва мамлакат қироли Идрисни тахтдан ағдаради. Сўнг ўзи Ливия раҳбарига айланади. Қаззофий Ливия раҳбари бўлгач, бир қанча ислоҳотлар ўтказади.
Жумладан, мамлакатда нефть қазиб олаётган хорижий компанияларга тегишли мулкларни тортиб олади. Сўнг нефть экспортидан келадиган пулларнинг бир қисмини таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун сарфлайди.

Қаззофийнинг хориж компанияларини миллийлаштириши Ғарб давлатларига ёқмайди. Бироқ улар Ливия нефтьини арзонроқ олиш илинжида Қаззофийга ҳеч қандай чора кўришмайди. Кейинчалик маълум бўлдики, улар пайт пойлашган экан.

1980-йиллар бошларида СССР армияси Афғонистонга бостириб киради. Бунга қарши чора сифатида АҚШ нефть қазиб олувчи давлатларга таъсир ўтказиб, қора олтин нархини кескин арзонлаштиради. Ўшанда 1 баррел нефть нархи 10 долларгача арзонлашади. Оқибатда экспорти асосан нефтьга боғланиб қолган бир қанча давлатлар қаторида Ливиянинг ҳам даромадлари кескин камаяди.

Жумладан, 1982-йилдан 1986-йилгача Ливиянинг нефтьдан оладиган даромадлари 21 млрд доллардан 5 млрд долларгача пасаяди. Оқибатда Қаззофий бошлаган лойиҳалар тўхтаб қолади: бюджетда тақчилликлар бошланади. Қаззофий буларнинг барчасида Ғарб давлатларини айблайди.

Бу орада 1986-йилда Берлиндаги дискотекаларнинг бирида портлаш содир бўлади ва америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлади. АҚШ бу ишда Ливияни айблайди ва мамлакатдаги муҳим объектларга авиазарбалар беради.
1999-йилга келиб Қаззофий Ғарб давлатларининг айримлари билан яширинча музокаралар ўтказиб, улар билан алоқаларни тиклай бошлайди. Кейинроқ у 2001 йил 11 сентябрда Нью Йоркда содир бўлган портлаш ташкилотчиларини қоралайди. Бу АҚШ билан муносабатлари бир оз илиқлашишига сабаб бўлади.

Бу орада 2004-йилда Британия бош вазири Тони Блер Ливияга келади. Қаззофий Брюсселга бориб Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади. 2006-йилда АҚШ Ливияни терроризмни қўллайдиган давлатлар рўйхатидан чиқаради.
2011-йилда Тунисда “Араб баҳори” деб аталган намойишлар бошланади. Ўшанда Қаззофий Тунис президентини қўллаб чиқади. Тунисда президент ағдарилгач, намойишлар Ливияга кўчади.
Намойишчилар Қаззофийга тахтдан воз кечиб, мамлакатни тарк этишини талаб қилишади. Бироқ у “қочиб кетгандан кўра Ливияда қолиб, ўлимни афзал билишини” айтади. Сўнг намойишларни қаттиққўллик билан бостиришга киришади. Бироқ натижага эриша олмайди.

2011 йил ёзда халқаро суд Қаззофий ва унинг ўғли Саифни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айблаб, уларни ҳибсга олишга ордер беради. Ўшанда Ғарб давлатларидан қуролланган намойишчилар мамлакатнинг турли вилоятларини эгаллай бошлашади. АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Ливияни бомбардимон қилиб, қўзғолончиларга ёрдам беришади.

2011 йил 20 октябрда АҚШдан ёрдам олиб турган қўзғолончилар Қаззофийни ўлдиришади. Ўша куни тушдан кейин жаҳон ОАВда Ливия президентининг ўлдирилгани ҳақида хабар тарқата бошлайди. Кўп ўтмай Ливиядаги ўтиш ҳукумати Қаззофий чўлга дафн этилганини маълум қилади.

Маълумот учун, Қаззофий ағдарилгандан сўнг ҳанузгача Ливияда тинчлик ўрнатилмади. Ҳокимият учун курашаётган томонлар ҳалигача бу давлатда фуқаролар урушини давом эттирмоқда.
Саддам Ҳусайн, Ироқ президенти

Фото: alamy.com
Саддам Ҳусайн Ироқ раҳбарлигига 1979-йилда, 42 ёшида келганди. Ўшангача у бир нечта вазифаларда ишлаган, жумладан 1969-йилда вице-президент бўлганди. 1980-йилда Ироқ-Эрон урушибошланади ва у 1988-йилда тугайди.
Бу уруш Ироқни оғир иқтисодий вазиятга туширади. Ана шундай вазиятда Саддам 1990-йилда қўшни Кувайтни босиб олади. Ўшанда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Саддамдан армияни Кувайтдан олиб чиқишни талаб қилади. Бироқ у буни бажармайди. Оқибатда 1991 йил январда халқаро кучлар Ироққа бостириб киради, 28 февралда Саддам таслим бўлади.

Орадан ўн йил ўтгач, 2001 йил сентябрда АҚШда мудҳиш терактлар содир этилади. Америкаликлар терактда Афғонистонни айблайди ва ўша йили бу давлатга бостириб киради. 2003-йилда АҚШ армияси Ироққа ҳужум бошлайди. Бу сафар америкаликлар Ироқда турли кимёвий қуроллар тайёрланаётгани айтишади.

Тез орада Саддам ағдарилади ва у қочиб, яширинади. 2003 йил декабрда америкалик ҳарбийлар Саддамни Тикрит шаҳри яқинидаги қишлоқда яшириниб ётган жойидан ушлашади. 2004-йилда америкаликлар уни Ироқнинг муваққат ҳукумати ихтиёрига топширишади.
Қўғирчоқ ҳукумат Саддамни бир қатор жиноятларда айблайди. 2005-йилда тергов тугайди ва иш судга оширилади. Ироқ суди Саддамни ўлим жазосига ҳукм қилади. Ҳукм 2006 йил 30 декабрь куни тонгга яқин ижро этилади. Ўша куни мусулмонлар Қурбон ҳайити байрамини нишонлаётган эди.

Саддамнинг осиб ўлдирилишини Американинг телеканалларидан бири жонли тарзда намойиш этади. Бу иш мусулмонлар ғазабига сабаб бўлади ва ўша куни дунёнинг кўплаб шаҳарларида АҚШнинг босқинчилигини қораловчи намойишлар бўлиб ўтади.
Николас Мадуро, Венесуэла президенти
Фото: alamy.com
2013 йил мартда Уго Чавес вафот этади ва унинг ўрнини вице-президент Николас Мадуро эгаллайди. Апрелда навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади ва унда Мадуро ғалаба қозонади.

Ўша пайтда мамлакатдаги вазият оғир эди. Чавес хорижлик инвесторларни қувиб, уларнинг корхоналарини тортиб олгач, иқтисодиёт ортга кетган, оқибатда давлат қарзи ҳамда бюджет тақчиллиги ошиб кетганди.

Жумладан, 2013-йилда давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмининг 70 фоизидан ошади, бюджет тақчиллиги 13 фоизга етади. Венесуэла нефтьга бой бўлса-да, мамлакат ЯИМ ҳажмининг ошиши бор-йўғи 1,6 фоизни ташкил этади.

Мадуро президент бўлгач, Чавес бошлаган сиёсатни давом эттиради. Мамлакат Ғарб дунёси билан тескари, фақат Россия, Хитой, Куба каби давлатлар билан дўстона алоқалар сақланиб қолади.
Ана шу муаммолар туфайли халқ норозилиги ошиб бораверади. 2015-йилда ўтказилган парламент сайловида кўпчилик ўринни мухолифат вакиллари эгаллайди. Шундан сўнг улар Мадурога нисбатан импичмент эълон қилиш ҳаракатини бошлашади.
Бироқ 2016-йилда Олий суд уч нафар мухолифатчини депутатликдан мосуво қилади. Уларнинг ўрнига Мадуро тарафдори бўлган шахслар депутатга айланади. Оқибатда мухолифат парламентдаги устунликни бой беради ва импичмент эълон қилишнинг иложи бўлмайди.
2017-йилда парламентда Мадурога импичмент эълон қилиш масаласи яна кўтарилади. Депутатларнинг ярмидан кўпи Мадуро ўз вазифаларини қониқарли бажара олмагани туфайли уни ҳокимиятдан четлатиш учун овоз беради.
Бироқ 10 январь куни масалага яна Олий суд аралашади ва парламент президентни лавозимидан кетказа олмаслигини, бу конституцияга зидлигини маълум қилади. Шу тариқа иккинчи марта ҳам Мадурони ҳокимиятдан кетказиш муваффақиятсизликка учрайди.
Мадуро даврида Венесуэла ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар энг ёмон кўринишга келади. Айниқса, Трампиккинчи марта президент бўлгач, кескинлик кучаяди. АҚШ президенти 2025 йил ёздан буён Венесуэла масаласида кескин баёнотлар беради, Мадурога пўписалар қилади. Охир-оқибат ўша пўписалар бекорга бўлмагани ойдинлашди.
2026 йил 3 январь куни Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Венесуэла президенти қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди. Трампнинг хабаридан сўнг 3 январь тунда Каракас шаҳридаги фуқаровий ва ҳарбий объектларга ҳужум бўлгани, пойтахтнинг катта қисми электрсиз қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу орада брифинг ўтказган Трамп Мадуро қандай қўлга олингани ва Каракасдан олиб чиқилгани тафсилотларини айтиб берди.
Мадуро Каракасдан олиб чиқилгач, кўп ўтмай хотини билан АҚШ Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармасининг Нью Йоркдаги штаб-квартирасига олиб келинди. Трамп у Бруклиндаги Метрополитен ҳибсхонасига жойлаштирилганини маълум қилди. 15 январь куни Мадуронинг устидан суд жараёнлари бошланди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: