Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

Маош 2,5 минг евро: пингвин санаш учун ишчи қидирлмоқда

7 марта
Маош 2,5 минг евро: пингвин санаш учун ишчи қидирлмоқда

Антарктикада пингвинларни санаш, сайёҳларни кутиб олиш ва откриткаларга муҳр босиш билан шуғулланиш учун ойига 2,5 минг еврогача маош тўланадиган иш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.

Қайд этилишича, жамғарма ҳар йили тўрт ёки беш кишидан иборат жамоани танлайди. Ходимлар ноябрдан мартгача давом этадиган Антарктика ёзида Гудье оролида ишлайди. Уларнинг вазифаларига сайёҳларни кутиб олиш, музей ва сувенирлар дўконини бошқариш, шунингдек, пингвинлар колониясини кузатиш киради.

Порт-Локрой 1944 йилда Иккинчи жаҳон уруши даврида Британия ҳарбий базаси сифатида ташкил этилган. 1962 йилда ташлаб кетилган база қарийб 30 йил ўтиб қайта тикланган. Бугунги кунда у тарихий обида сифатида муҳофаза қилинади. У ерда кичик музей, сувенирлар дўкони ва дунёнинг энг жанубий почта бўлими жойлашган.

Мавсум давомида базага экспедиция кемаларида минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Ходимлар ҳар йили 80 мингдан ортиқ откриткани қўлда саралайди ва уларга муҳр босади.

Ишнинг муҳим қисми оролда яшайдиган Генту пингвинлари колониясини кузатишдан иборат. UKAHT маълумотига кўра, колонияда қарийб 1 000 та пингвин бор. Уларни кузатиш дастури 1996 йилдан буён Британия Антарктика тадқиқотлари хизмати томонидан олиб борилади.

Тадқиқотлар пингвинларнинг кўпайиш даражасини ва сайёҳлар ташрифининг уларга таъсирини ўрганишга қаратилган. Порт-Локрой Антарктидада олимлар бир мавсум давомида бутун колонияни кузатиб, ҳар йили маълумот тўплай оладиган ягона жой ҳисобланади.

2024 йил декабрь ойида ўтказилган ҳисоб-китобда 571 та уя ва 938 та тухум қайд этилган. Кузатувлар давомида пингвинларга имкон қадар кам халақит беришга ҳаракат қилинади.

Иш ҳақи лавозимга қараб белгиланади. База бошқарувчиси, дўкон менежери ва ёрдамчи ходимлар ойига 1 449 фунтдан 2 096 фунтгача, яъни тахминан 1 715–2 481 евро маош олади. Бу солиқдан олдинги миқдор бўлиб, ходимлар солиқларни ўзлари тўлайди. Ташкилот турар жой, озиқ-овқат ва иссиқ кийим билан таъминлайди.

Бироқ оролдаги яшаш шароити анча мураккаб. У ерда марказий сув таъминоти мавжуд эмас, ичимлик суви эса ташриф буюрадиган кемалардан 20 литрлик идишларда олиб келинади. Шу сабабли ходимлар ҳафтасига бир марта душ қабул қилиши мумкин. Об-ҳаво ёмонлашиб, кемалар бора олмаса, икки ҳафтагача ювиниш имконияти бўлмаслиги мумкин.

Электр энергияси фақат қуёш панеллари орқали олинади. Шу боис фен ва микротўлқинли печлардан фойдаланиб бўлмайди. Оддий мобил алоқа ҳам мавжуд эмас, интернет эса сунъий йўлдош алоқаси ёки яқин атрофда турган кемаларнинг Wi-Fi тармоғи орқали ишлайди.

Ходимлар қайта жиҳозланган баракда умумий икки қаватли каравотларда яшайди. Хона ичидаги ҳарорат 14–15 даража атрофида бўлади, ташқарида эса ҳарорат −5 дан +5 даражагача ўзгаради. Ҳожатхона ҳам оддий кўринишда бўлиб, у ҳар куни қўлда бўшатилади.

Номзодлар камида 18 ёшда бўлиши керак. Ёш бўйича юқори чегара белгиланмаган, илмий маълумотга эга бўлиш ҳам талаб этилмайди. Бироқ жисмоний тайёргарлик муҳим: иш қор кураш, қайиқлардан юк тушириш ва 15 килограммгача бўлган қутиларни кўтаришни ўз ичига олади. Чекиш тақиқланган.

Шунингдек, номзод Буюк Британияда яшаши ва мамлакатда ишлаш учун амалдаги рухсатномага эга бўлиши шарт. Кейинги аризалар қабули келаси йил бошида UKAHT жамғармасининг расмий сайтида очилиши кутилмоқда.

Пингвинларни қўллаб-қувватлашни истаганлар учун ҳам имконият бор: жамғарма уйда туриб Генту пингвинини рамзий равишда асраб олиш дастурини таклиф қилади. Дастур доирасида иштирокчиларга Антарктидадан юборилган откритка, ўйинчоқ пингвин, маълумотлар тўплами ва сертификат берилади. Жамғарма тушган маблағлар пингвинлар колониясини кузатиш ва табиатни муҳофаза қилиш ишларига йўналтирилишини билдирган.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: