Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

Пулли йўлда болалар: Урганч — Хива трассасининг ёнлари қачон тўлиқ ёпилади?

102 марта
Пулли йўлда болалар: Урганч — Хива трассасининг ёнлари қачон тўлиқ ёпилади?

Ўзбекистондаги илк пулли автомагистраль — Урганч — Хива йўли ишга тушганига бир ойдан ошди. Аммо сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар жамоатчиликни ташвишга солмоқда: уларда ёш болалар, жумладан, мактаб ўқувчилари тезюрар трасса қатнов қисмига чиқиб юргани акс этган. Табиийки, савол туғилади: йўлнинг икки чети қачон тўлиқ тўсилади ва бу масъулият кимнинг зиммасида?

Тезлик юқори, хавф ҳам катта

35 километрлик тўрт тасмали трасса Урганч ва Хивани боғлаб, очилди. Йўлда энг юқори тезлик соатига 150 километр, энг пасти эса 40 километр қилиб белгиланган. Бундай тезликда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчиси йўлга тўсатдан чиққан болани кўриб тўхтаб улгуриши деярли имконсиз.

Қоидалар ҳам буни аниқ белгилаб қўйган: пулли йўлда пиёдалар, мопедлар ва от-араваларнинг ҳаракатланиши тақиқланган, қайрилиб олиш ва тўхташга ҳам рухсат йўқ. Бироқ тақиқ қоғозда қолса-ю, йўл четида жисмоний тўсиқ бўлмаса, болани трассага чиқишдан ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди.

Лойиҳада ўтиш жойлари бор, аммо тўсиқ-чи?

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та тоннель ва 7 та махсус ўтиш жойи қуриш назарда тутилган. Демак, аҳоли йўлнинг бир томонидан иккинчисига хавфсиз ўтиши учун иншоотлар мавжуд. Лекин трасса бўйлаб узлуксиз ихота тўсиғи ёки панжара қачон тўлиқ ўрнатилиши ҳақида расмий маълумот ҳозирча эълон қилинмаган.

Шу билан бирга, йўлдаги айрим ишлар ҳали якунланмагани ҳам маълум. Вақтинчалик низомга кўра, тўрт ва ундан ортиқ ўқли юк машиналарига қопламанинг юқори қатлами тўлиқ ётқизилгандан кейингина рухсат берилади. Бу трассада қурилиш ишлари давом этаётганини кўрсатади.

Лойиҳа арзон эмас

Дастлаб 120 млн долларга баҳоланган лойиҳа қиймати 150 млн долларгача, яъни 25 фоизга ошган. Шунча маблағ сарфланган, ҳайдовчилардан эса ҳар қатнов учун пул ундирилаётган йўлда энг оддий хавфсизлик чораси — йўл четини ёпиш масаласи очиқ қолаётгани ажабланарли.

Саволлар жавоб кутмоқда

Таҳририят Автомобиль йўллари қўмитаси ва унинг Хоразм вилояти бошқармасидан қуйидагиларга жавоб кутади:

Трасса четлари қачон тўлиқ тўсилади ва бунинг аниқ муддати борми? Мактаблар ва аҳоли пунктлари яқинидаги участкаларда вақтинчалик чоралар кўриладими? Болаларни бу йўлга чиқишдан огоҳлантириш учун мактаблар ва маҳаллалар билан тушунтириш ишлари олиб бориляптими?

Ота-оналарга эса бир илтимос: фарзандларингизга пулли трасса оддий кўча эмаслигини, у ерда машиналар соатига 150 километргача тезликда юришини тушунтиринг. Фожиа юз бергандан кейин эмас, ҳозирдан чора кўриш керак.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: