
Ўзбекистон Президенти барқарор ривожланишни таъминлаш учун тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабр куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Туркманистонни доимий бетарафликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимий содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этишини қайд этди.
– Туркман халқининг замонавий ўзига хослигининг ажралмас қисмига айланган Туркманистоннинг бетарафлиги унинг чуқур тарихи анъаналари, маданий ва маънавий қадриятларига, олижаноблик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби эзгу фазилатларга таянади, – деди Президентимиз.
Шу боис Туркманистоннинг БМТ билан ҳамкорликда Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари Янгӣ Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятлар эканини таъкидлади. Бунинг тасдиғи сифатида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббуси илгари сурилганини кeltириш мумкин. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида Ўзбекистон тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилашни мақсад қилган.
Раислик давомида, шунингдек, келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни “Профилактик дипломатия йили” деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференциялар, форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади.
Президентимиз глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашиб бораётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлади. Айни шу сабабли ҳам Ўзбекистон Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюцияси ҳаммуаллифи бўлди.
Ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатнинг ҳам асоси эканлиги қайд этилди.
– Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган мintaқа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Масlahat учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу нуқтаи назардан, Туркманистоннинг конструктив ва тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили эканлигига алоҳида урғу берилди.
Давлатимиз раҳбари Туркманистоннинг замирида тинчлик ва ишонч каби эзгу ғоялар мужассам бўлган бу таклифлари Ашхободнинг минтақа давлатлари раҳбарлари Масlahat учрашувлари форматида раислиги давомида кун тартибидан муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирди.
Мамлакатимиз етакчиси ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган гуманитар ҳамкорликни илгари суриш муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йили Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунida Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан-буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.







