Ўзбекистонда ўтган ҳафта давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳуқуқ-тартибот тизимига дахлдор қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Суд тизимида коррупцияга қарши курашни кучайтиришдан тортиб, шифокорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, балиқчиликни янги босқичга олиб чиқиш, наркожиноятчиликка қарши қонунчиликни кучайтириш ҳамда тоғ-кон саноатида рақамли технологияларни жорий этишгача бўлган масалалар давлат раҳбарининг диққат марказида бўлди.
Суд тизимида коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат”
Эндиликда суд тизимида ҳалоллик, адолат ва поклик тамоили асосида комплаенс назорат кучайтирилади. Жорий йилнинг 8 июнь кунги тақдимотда президент аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш, шунингдек, суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат”дан келиб чиқадиган вазифаларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” фармонни имзолади.
Унга кўра, 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностика ўтказилади. Судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида уларнинг шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлигини баҳолаш амалиёти ҳам жорий этилади.
Суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими ҳам тубдан янгиланади. У очиқ танлов, шаффоф тартиб-таомиллар ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади. Номзодларнинг касбий, маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини баҳолашнинг замонавий тизими жорий қилинади.
Ходимлар учун манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи фаолият ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, чет элда ҳисобварақ очиш каби чекловлар назарда тутилади.
Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Бу ходимлар масъулияти, хизмат интизоми ва этикa маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Давлат раҳбари суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш аҳолининг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширишнинг муҳим омили эканини, таклифларни пухта ишлаб чиқиш, комплаенс хизматига малакали кадрларни жалб этиш зарурлигини билдирди.
Балиқчилик: арзон ва сифатли озиқ-овқат
Ўзбекистонда балиқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим йўналиш ҳисобланади. Илк бор мамлакатда етиштирилган балиқ ҳажми табиий сув ҳавзаларида овланган балиқ миқдоридан ошиб кетди. Марказий Осиёда балиқ етиштириш ҳажми бўйича Ўзбекистон етакчи ўринда турибди.
Ўтган йил ҳисобида 206 минг тонна балиқ етиштирилган. 11 июнь кунидаги тақдимотда оддий кўл балиқчилигидан сувни тежайдиган, қайта айлантирадиган ва интенсив технологияларга асосланган тизимга ўтиш зарурлиги ҳақида сўз борди. Бу борада 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонларини ижарага беришнинг янги, шаффоф тизимини жорий қилиш, интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларига ҳар йили зарур миқдорда сув етказиб беришни кафолатланиши лозимлиги қайд этилди.
Соҳада янги технологияларни жорий этиш ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёпиқ сув айланма тизимини ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, наслли она балиқларни импорт қилиш учун субсидия ажратиш, қуёш панелларини ўрнатиш учун субсидия бериш ва айланма маблағ учун имтиёзли кредитларнинг фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш лозимлиги таъкидланди.
Балиқчилик хўжаликларига кредитлар ажратиш, миллий ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларини қисман қоплаш механизмлари жорий этилади.
Ушбу имкониятлар ҳисобига кейинги йилда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш чораларини кўриш топширилди. Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, Аграр университетда Астрахань давлат техника университети ва Хитойнинг Далян океан университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура бўйича қўшма факультет очиш таклифи кўриб чиқилди.
Президент мутасаддиларга балиқчилик тармоғини замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва самарали бошқарув асосида ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли дастурхонига арзон, сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан топшириқлар берди.
Шифокорларга янги имтиёзлар
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва оғир касалликка чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, онкологик (саратон) касалликларини эрта аниқлаш, уларга бепул ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш белгиланган. Айнан шу мавзуда, президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Тақдимотда аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олишни камида 60 фоизга етказиш, саратон касалликларига чалинган беморлар орасида 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш мақсад қилингани билдирилди.
Бунинг учун 2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган саратонга қарши курашиш бўйича Миллий дастур ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг онкологик ҳушёрлиги оширилади. Улар саратон касалликларининг дастлабки белгиларини аниқлаш ва беморларни ўз вақтида ихтисослашган муассасаларга йўналтириш бўйича қайта тайёрланади.
Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида клиник қўлланмалар қабул қилинади. Онкология йўналишида мультидисциплинар жамоавий ёндашув – бир нечта мутахассис иштирокида беморга ташхис қўйиш ва даволаш тактикаси жорий этилади.
Аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда хоспис муассасалари босқичма-босқич ташкил қилинади. Тақдимотда давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, камида 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг республика олий таълим муассасалари бакалавриатида ўқиши учун йиллик контракт тўловининг бир қисмини, шунингдек, шундай иш стажига эга ходимлар ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишида дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаб берилиши белгиланди.
Наркожиноятчиликка қарши янги босқич
Жорий йилнинг 11 июнь куни, Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. Унда, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Ушбу қонун парламент томонидан қабул қилинган. Қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилмоқда, бу орқали аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган хавфли қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилган.
Наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилади.
Давлат раҳбари ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлади ҳамда уни имзолади. Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та асосий йўналиши белгиланмоқда.
Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.
Шунингдек, тақдимотда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани, бу эса йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу боис, янгича ёндашув асосида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш белгиланди.
Олтин қазиш кўпайтирилади
Бир неча кун олдин, 9 июнь куни президент бошчилигида Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чоралари кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида мамлакат иқтисодиётида тоғ-кон саноати ва геология тармоғи муҳим ўрин тутиши, 2025 йилда уларнинг бюджетга тушумлари 118,5 триллион сўмни ташкил этгани билдирилди. Унда келгуси беш йилда олтин захирасини қўшимча 879 тоннага, кумушни 510 тоннага, мисни 676 минг тоннага ошириш бўйича ишлар аллақачон бошлангани қайд этилди.
Шунингдек мазкур тақдимотда 2026-2030 йилларда геология соҳасида ҳамда 6 та йирик корхона – “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Навоийуран”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзбеккўмир” ҳамда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати”да сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича жами 44 та лойиҳани амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.