2025 йилнинг март ойида коррупцион жиноятда айбланиб, ишдан бўшатилган, ҳозирда фирибгарликда гумон қилинаётган ва Интерполга қидирувга берилган Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров “Корея иши” бўйича коррупцион ҳолатларга агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевнинг ҳам бевосита алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
“Корея 24 соат” деб номланган телеграм каналига Миграция агентлиги раҳбарига тегишли экани айтилган аудио ва ёзишмалардан олинган суратлар жойлаб борилмоқда. Унда Беҳзод Мусаев қимматбаҳо совғалар, давлат ҳисобидан $150 минг долларлик машина, премиум дўконлардан харид қилинадиган гўшт маҳсулотлари талаб қилгани ҳақида жиддий айбловлар илгари сурилган. Азизбек Тоштемиров ўз каналида барча ҳолатлар бўйича фактлар етарли экани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
Интерпол қидирувида бўлган Азизбек Тоштемировнинг 17 июнь куни эълон қилган постига кўра, у Кореяда ишлаётган пайтида ундан Беҳзод Мусаев учун ҳар икки ҳафтада 10 килограммдан қимматбаҳо вагю гўшти юбориб туриш талаб қилинган. У гапига исбот сифатида Миграция агентлигининг раҳбари Беҳзод Мусаевга тегишли экани айтилган аудиони илова қилган.
“Мана бу сумкангни олиб кет, кетишингдан олдин. Ичини тўлдириб “мраморный гўшт олиб келасан” дейилган аудиода.
У назарда тутилган сумканинг расмини ҳам телеграм каналига жойлаган.
(1).jpg)
Қолаверса, Азизбек Тоштемиров тез-тез спиртли ичимликлар, косметика маҳсулотлари ва ҳатто “Please” (эркаклик қувватини оширувчи восита) дорисини юбориш сўралгани акс этган скриншотларни ҳам эълон қилган.
.jpg)
“Б. Мусаев солиқчи бўлганку, солиқ солиш қонида бор. Менинг бўйнимга солинган солиқлар ҳам кундан-кунга ортиб борди. Мен топган ойлигимга Мусаев ва унинг оиласи учун энг қимматбаҳо корейс косметикаларидан тортиб, зубной паста-ю, ҳатто влажный салфеткагача юборишим керак эди”, деб ёзади Азизбек Тоштемиров.
.png)
.png)
.png)
Собиқ ходим гўшт маҳсулотларини “Premium” дўконлардан сотиб олингани, баъзан у бундай маҳсулотларга маоши етмай бошқа ходимлар билан пул йиғишга мажбур бўлганини ҳам ёзган.
Азизбек Тоштемиров “4-Факт” сифатида каналига жойлаган постида Кореядан махсус тюнинг қилинган Hyundai Palisade автомобилини юбориш талаб қилинганини ёзди.
“Талаблар борган сари ошиб борди. Бир куни Мусаев машинада ўтирса, бели оғриб қолаётганини айтиб, Кореядан махсус ётиб кетишга мўлжалланган (tuning қилинган) диванга эга Hyundai Palisade машинасини юборишимни буюрди. Машинани изладик, топдик, аммо тўловга келганда “ўзинг амалла” деган жавобни олдим”, деб ёзади Тоштемиров.
.png)
Тоштемиров бундай пул йўқлигини айтганида, Мусаев унга ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишни буюргани ҳам келтириб ўтган.
“Менда бунча пул йўқлигини айтганимда, ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишимни буюрди. “Бюджетда 150,000 $ пул бор, сенга юбораман, ечиб олиб, машинани менга юборасан”, деб айтди. Солиқ ва турли вазир лавозимларида ишлаганлиги учун давлат пулини қандай обнал қилишни яхши билади ахир жаноб Мусаев!”, деб ёзган собиқ агентлик ходими.
Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилингани маълум бўлганди. Азизбек Тоштемировнинг иддао қилишича, бу жиноятга ҳам Мусаев алоқадор.
“Айни пайтда Кореяга ишлаш учун кетган фуқароларнинг ким орқали, қанча пул эвазига кетганлиги текширилмоқдами? Хўш, нима сабабдан Б. Мусаевнинг шахсан топшириғи ортидан Кореяга кетганлар билан ҳеч ким қизиқмаяпти? Бундай топшириқларнинг сон-саноғи йўқ. Қай биридан қанчадан олган номаълум, лекин ҳойнаҳой 90 млн $ Мусаевнинг уйидан чиқса ажабмас”, деб ёзган у.
Азизбек Тоштемиров агентликнинг собиқ раҳбари Афзал Эрматовга алоқадор ноқонуний ҳаракатларга ҳам тўхталиб ўтган.
“А. Ирматов айнан 2022 йили Кореянинг Ўзбекистондаги вакили жаноб Kwon’дан имтиҳонларни сохталаштиришга имконият яратишни талаб қилади. Кореялик расмий вакил бундан бош тортади албатта. Бундан жаҳли чиққан Ирматов “ҳали сени йўқ қиламан” дея ишга киришди. Шахсан менинг таржимонлигим остида ўтган Корея давлатидаги HRD раҳбарлари билан ўтган учрашувда у вакилнинг устидан туҳмат сўзлар билан шикоят қилиб, уни алмаштиришни талаб қилди. Корея томон вазият бўйича расмий хат сўрагани учун бошқа давлатнинг дипломати устидан “подстава” хат билан мурожаат қилди”, деб ёзган Азизбек Тоштемиров.
Бугун, 20 июнь куни Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Унда Азизбек Тоштемиров скриншот, аудио ва расмлар билан иддао қилаётган гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва бир томонлама талқин қилингани айтилган.
“Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра, барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади расмий баёнотда.
Қолаверса, Миграция агентлиги давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига оид ҳар қандай маълумотлар фақат расмий манбалар ва ишончли далилларга асосланган ҳолда баҳоланиши лозимлигини эсалтиб ўтган.
“Айрим интернет ресурслари орқали шахсий маълумотларни тарқатиш, шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш, шунингдек, жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади”, дейилган агентлик муносабатида.
Шунингдек, агентлик иддао қилинган ҳолатларни аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилинаётганини маълум қилган.
“Миграция агентлиги ўз фаолиятини очиқлик, қонунийлик ва жавобгарлик тамойиллари асосида давом эттирмоқда ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда барча ҳолатларга ойдинлик киритилишини таъминлайди”, дейилади расмий хабарда.
Азизбек Тоштемиров ким?
35 ёшли Азизбек Тоштемиров Андижон вилоятида туғилган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган ва фирибгарликда гумон қилиниб халқаро қидирувга берилган.
Аввалроқ, Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи, Азизбек Тоштемиров халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабар берилган эди.