USD: 11,938 so'm EUR: 13,769 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,108 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 26 so'm TRY: 250 so'm AED: 3,251 so'm USD: 11,938 so'm EUR: 13,769 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,108 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 26 so'm TRY: 250 so'm AED: 3,251 so'm

Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

«Фарзандларнинг бегонаси бўлмайди»: Янгиариқда ота қамалишдан қўрқиб, 81 миллион сўмлик алиментни суд залида тўлади

128 марта
«Фарзандларнинг бегонаси бўлмайди»: Янгиариқда ота қамалишдан қўрқиб, 81 миллион сўмлик алиментни суд залида тўлади

Халқимизда «Фарзандларнинг бегонаси бўлмайди» деган теран айтилган гап бор. Бу нафақат инсонийлик, балки жамият олдидаги масъулият мезони ҳамдир. Бироқ, ўз пушти камаридан бўлган зурриёдларини моддий таъминлашдан қочиб, мажбуриятни ўзгалар елкасига ташлаб қўяётган айрим оталарнинг борлиги ачинарли ҳолдир. Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан мана шундай масъулиятсиз шахсларга нисбатан кескин ва қонуний чоралар кўриб келинмоқда.

Оилавий болалар уйидаги уч етим ва унутилган мажбурият

Маълум бўлишича, МИБ Янгиариқ тумани бўлими иш юритувида қарздор Ф.М.га оид ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2022 йил 8 июндаги ижро варақасига асосан, қарздор ота Янгиариқ туманидаги 1-сон «Фаравон» оилавий болалар уйида тарбияланаётган уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой алимент пули тўлаб бориши белгиланган эди.
Афсуски, Ф.М. фарзандлари олдидаги на оталик ва на инсонийлик бурчини ҳис қилди. У узоқ вақт давомида қонуний тўловларни тўлашдан бўйин товлаб, пайсалга солиб келди. Натижада, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, унинг алиментдан бўлган қарздорлиги нақд 81,6 миллион сўмга етиб қолди.

Болаларнинг тақдири ўзгарди, қарз эса ўз кучида қолди

Болалар янги оилада бағрикенглик билан кутиб олинган бўлса-да, бу биологик отанинг масъулиятдан қутилганини англатмасди. Давлат ижрочиси Ж.Ходжаев томонидан қарздор Ф.М. билан бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилди, расмий огоҳлантиришлар берилди. Аммо отадан алимент пулларини ундиришнинг имкони бўлмади.

Қамоқ хавфи ва суд залидаги «инсоф»
Бундан кейин МИБ давлат ижрочиси қонуний ва кескин чора кўришга мажбур бўлди. Қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (МЖтК) 47-4-моддасига асосан Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани судига юборилди. Ушбу модда бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди.

Жорий йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида воқеалар ривожи кескин ўзгарди. Панжара ортига кириш хавфини реал ҳис қилган қарздор Ф.М. ўз ҳуқуқбузарлигига тўлиқ иқрор бўлди. У ўзига тегишли хулоса чиқарган ҳолда, тўпланиб қолган 81,6 миллион сўмлик қарздорликни суд залининг ўзидаёқ болаларни патронатга олган ундирувчи С.Ш.га нақд пул шаклида тўлиқ топширди ва ўзаро ҳисоб-китоб қилди.

Қонун устуворлиги таъминланди
Алимент мажбуриятлари бўйича йиғилган йирик миқдордаги қарздорлик суд жараёнида ихтиёрий равишда тўлиқ қопланганлиги сабабли, суд томонидан ушбу маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилди.
Суд залида адолат қарор топди ва уч нафар боланинг ҳаққи ундирилди. Бироқ, ўз жигарбандлари таъминотини фақатгина қамоқ ва жазо муқаррар бўлгандагина эслаган отанинг қилмиши жамиятда ҳали узоқ вақт муҳокама қилинадиган маънавий оғриқ бўлиб қолаверади. МИБ органлари эса бу каби ҳолатларни назорат қилиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: