2 июнь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси аппелация шикоятини кўриб чиқди. Gazeta суд ажримини ўрганди.
Иш материалига кўра, Хоразм вилоятидаги Урганч тумани ИИБнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходими, давлат органи мансабдори М.А. фуқароларга моддий манфаат эвазига сохта ID карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштиргани учун судланди. У буни уюшган жиноий гуруҳ таркибида амалга оширган.
М.А. лавозим мавқеидан фойдаланган ҳолда, автоматлаштирилган «Manzil» ахборот тизими ва «E-kalit» электрон калити орқали паспорт-карта тизимига сохта маълумотларни киритган. У биометрия жараёнларини назорат қилар экан, юзлаб шахсларга тегишли шахсий маълумотларни, жумладан Ф.И.Ш., туғилган сана ва манзилларини ўзгартириб, сохта шахслар яратган.
Тергов маълумотларига кўра, М.А. бошчилигидаги гуруҳ Россиядан депортация қилинган ва яна қайтиб боришни истаган шахслардан маълум миқдорда пора олиш орқали уларга қонунга зид равишда ҳужжатлар тайёрлаб берган. Бу жараёнда Р.Х., А.А. ва М.Р. каби шахслар ҳам иштирок этган. Улар фуқароларни топиб, уларни ишончга киритиш, ИИБ биносига олиб келиш ва пора пулларини етказиш вазифаларини бажаришган.
Гуруҳ раҳбари М.А. бу жараёнларни назорат қилиб, шахсий манфаатларини кўзлаб, барча ролларни тақсимлаб чиққан. У фуқароларни навбатсиз, ишдан ташқари вақтларда қабул қилиб, уларни фотосурат ва бармоқ излари билан биометрик маълумотлар базасига киритган. Ҳар бир сохта ҳужжат эвазига олинган маблағ гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланган.
Суд ҳужжатларига кўра, М.А. Урганч туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Умрбек Хударгановнинг шахсий маълумотларини сохталаштириб, унинг фамилиясини «Худайберганов», исмини «Умирбек», туғилган санасини эса «25 июл 1988» йилдан «27 июн 1988» йилга ўзгартирган. Шу орқали унинг учун янги ID карта ва хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилган.
Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича судининг апелляция инстанцияси ушбу гуруҳ устидан чиқарилган суд ҳукми устидан киритилган шикоят ва протестни кўриб чиқди.
Унга кўра М.А. — Урганч туман ИИБнинг собиқ ходими — Жиноят кодекснинг бир неча моддалари, жумладан, ҳужжатларни қалбакилаштириш (ЖК 210 модда), мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 209 модда), ва фирибгарлик (ЖК 139 модда) бўйича айбли деб топилди. Унга нисбатан тайинланган бир нечта жазолар ЖКнинг 59 ва 61-моддалари асосида қисман қўшилиб, узил-кесил 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 3 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони ўташ муддати 2024 йил 20 февралдан бошлаб ҳисобланади.
реклама жойлаштириш
Р.Х. эса айрим айбловлар бўйича оқланган бўлса-да, ҳужжатларни қалбакилаштириш (ЖК 210-модда) ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 209-модда) бўйича айбли деб топилиб, унга 6 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Муддати — 2024 йил 28 июндан.
М.Р. илгари бир неча бор судланган бўлиб, бу иш бўйича Жиноят кодексининг 6 турдаги моддаси, жумладан, фирибгарлик, пора бериш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, ноқонуний миграция ташкил этиш каби жиноятларда айбли деб топилди. Унга узил-кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, жазони эса қатъий тартибли колонияда ўташ белгиланди. Унга нисбатан ҳам жазони ўташ муддати 2024 йил 28 июндан ҳисобланади.
М.И. эса Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) бўйича айбли деб топилди. Унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 3 йил озодликни чеклаш жазолари тайинланди.