
Ўзбекистонда фуқаролар ҳаётига хавф туғдирадиган заправкалар бошқа жойга кўчирилади
Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ёнилғи қуйиш шохобчаларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутасадди ташкилотлар билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадарфуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, жумладан муҳофаза зоналари талабларига жавоб бермайдиган шохобчаларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш чораларини кўради.
Бунда:
шохобчаларни кўчириш ёки бузиш билан боғлиқ харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация қилинади;
кўчириладиган шохобчалар учун ер майдонлари инфратузилмаларга эга бўлган ҳудудлардан ажратиб берилади;
шохобчалар ўз фаолият турини ўзгартириш истагини билдирган тақдирда, уларга шохобча жойлашган ҳудудда қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилади;
автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари хавфсиз ҳудудларга кўчирилган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда уларга истисно тариқасида мавжуд инфратузилмаларга (газ тармоқлари, электр энергияси ва бошқалар) уланишга техник шартлар берилади;
шохобчалар жойлашган ҳудудлар ҳимоя майдонлари атрофида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган бошқа обектлар қурилиши учун ер майдонлари ажратилиши қатъиян тақиқланади.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июлдаги фармойишига асосан ташкил этилган Республикадаги мавжуд ёнилғи (суюлтирилган ва сиқилган газ, бензин ва дизель ёнилғиси) қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда чакана савдо шохобчаларини хатловдан ўтказиш, уларда ёнғиннинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан республика ҳудудларидаги шохобчалар хатловдан ўтказилган бўлиб, 6 196 та шохобчаларда 46 737 та камчиликлар аниқланган.
Жумладан:
назорат йўналиши бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан 2 118 та, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 7 949 та,
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан 25 341 та,
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан 3 354 та,
“Ўзенергоинспекция” томонидан 7 875 та камчиликлар аниқланган;
Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан кўрсатилган амалий ёрдам натижасида жами 7 166 та камчиликлар жойида бартараф этилгани ҳамда қўпол камчиликларга йўл қўйган 464 та шохобчалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.
Лойиҳада белгиланишича, шохобчаларда авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили камида бир маротаба ходимларнинг билим даражасини текшириш ва уларни малакасини ошириш талаби жорий этилади.
Юқори босимларда ишловчи сиғимлар, ускуна ва жиҳозларни белгиланган муддатларда синовдан ўтказилишини назорат қилиш, техник талабларга жавоб бермайдиган сиғимлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда тизимда белгиланган синов муддати яқинлашган сиғимлар, ускуналар ва бошқа жиҳозлар бўйича огоҳлантириш сигналини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилади.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишни устувор вазифа сифатида белгилаш, шунингдек, шохобчаларда юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, “Ўзенергоинспекция” ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ёнғин ва саноат хавфсизлиги, технология талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича бир йилда камида бир маротаба мажбурий равишда президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни 24 соат ичида хабардор қилиш тартибида текшириш ўтказилиши таъминланади.
2026 йил 1 мартга қадар шохобчаларда ўтказилган хатлов натижаларидан келиб чиқиб, уларнинг фаолияти белгиланган минимал талабларга мувофиқлаштирилади.