Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

“Мажлисга тайёрланмай келибди шекилли” — сенаторлар ички ишлар масъули жавобларига эътироз билдирди

592 марта

“Мажлисга тайёрланмай келибди шекилли” — сенаторлар ички ишлар масъули жавобларига эътироз билдирди

2025 йил 18 декабрь куни ўтказилган Сенат ялпи мажлисида ички ишлар соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими қандай ишлаётгани муҳокама қилинди.
Фото: Сенат
Мажлисда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов ички ишлар масъулларига савол билан юзланди. Сенатор ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар самарадорлиги ўрганилаётгани ва тизимда камчиликлар аниқланаётганини айтди.
“Мажбурий даволанишга юборилиши шарт бўлган шахслар айрим ҳолларда профилактика инспекторлари томонидан ўз вақтида даволаш муассасаларига жўнатилмаяпти. Оқибатда мазкур тоифадаги шахслар томонидан турли жиноятлар, ҳатто ўта оғир жиноятлар содир этилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Мисол учун, руҳий асаб касалликлар диспансерида ҳисобда турган Сурайё Маматова телефон ўғирлиги содир этгани сабабли Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди 2025 йил 20 январдаги тиббий йўсиндаги даволаш-мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида ажрим чиқариб, ижро учун Денов туман ички ишлар идорасига юборган. ИИБ раҳбарияти ажрим ижросини ‘Файзли’ маҳалласи профилактика инспектори Алижон Расуловга топширган бўлса-да, ажрим тўрт ойдан кўпроқ вақт бажарилмай қолган. Оқибатда руҳий касал Сурайё Маматова 2025 йил 1 май куни бозор ёнидаги дўконда аммаси билан турган, 2021 йилда туғилган, ожиз аҳволдаги тўрт ёшли қиз Оиша Иброҳимованинг кўкрагига пичоқ уриб ўлдирган. Агар профилактика инспектори масалани ўз вақтида ҳал қилганда, суднинг мажбурий ажримини бажарганда эди бу фожиа рўй бермасди. Савол туғилади: ички ишлар органлари бу йўналишда иш ҳажмини тўлиқ бажаришга қодирми? Уларга қўшимча имконият, ресурслар, воситалар ажратиладими”, дея савол берди сенатор.
Абдулҳаким Эшмуродов
Фото: Сенат
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Раҳимжон Наимов саволга жавобан, ходимлар орасида масъулияцизлари ҳам борлигини айтди.

“Ўша ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани учун жавобгарликка тортилган ва ҳозирги кунда жазо ўтаяпти. Ҳозирда наркология диспансерида мажбурий даволаш учун ётқизиш бўйича койкалар етишмаслиги, масофа узоқлиги, камида маъмурий жавобгарликка икки марта тортилгани, профилактика инспектори ўз вақтида соғлиқни сақлаш ҳисобида турган шахсларни мажбурий даволатишга ётқизишида муаммолар юзага келган эди. Яъни оиласи томонидан турмуш ўртоғини ётқизиш бўйича мурожаат келиб тушган, кейин то мажбурий даволанишга ётқизилаётган шахс маъмурий жавобгарликка тортилмагунга қадар уни мурожаатини муддатлари ўтиб кетарди. Хизмат текшируви ўтказилган пайтда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаяпти, шунинг учун буни ётқизиш имконияти йўқ, суд қайтаряпти, деган муаммолар келиб чиққандан кейин шу таклиф берилди. Бу бўйича хизмат текширувидан кейин ходим жазолангач, барча шахсий таркибни яна ўқитиш ишлари, хизмат вазифасига виждонан ёндашиш бўйича чоралар кўриляпти”, дея жавоб берди Раҳимжон Наимов.
Раҳимжон Наимов
Фото: Сенат
Сенатор Абдулҳаким Эшмуродов мазкур жавобдан қониқмаганини билдирди.
“Денов туманига яқин масофадаги Шарғун шаҳрида даволаш муассасаси бор. Сиз эса масофа узоқ дедингиз. Шунақа дейишингизни олдиндан билганимиз учун аниқ мисол келтирдим. Бунда ходимлар масъулиятини кучайтириш керак. Нима учун ички ишлар бошлиғи ажрим ижросини назорат қилмади? 4,5 ой ҳам назорат қилмайдими? Майли, ички ишлар ходими жавобгарликка тортилибди. Лекин суд ажримини таъминлашни назорат қиладиган шахс, мансабдор нега жавобгарликка тортилмади? Бизда жуда кўп мисоллар бор. Мен фақат биттасини келтирдим холос. Баҳона қилмаслик керак, масъулиятни ошириш лозим”, деди Абдулҳаким Эшмуродов.
Фото: Сенат
Кейин баҳсга Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қўшилди. Сенатор ички ишлар вакиллари мажлисга тайёрланмай келганини айтди.
“Сенатор ички ишлари тизимида ижро интизомини кучайтиришни талаб қиляпти ва у ҳақ. Бегуноҳ одам ўлиб кетмаслиги керак. Битта ходимни жавобгар қилган билан тинчиб қолмайди. Ходим масъулият зиммасида эканини сезиши зарур. Менимча, профилактика бошқармаси бошлиғи ўринбосари мажлисга тайёрланмасдан келибди”, деди Қутбиддин Бурхонов.

Изоҳ қолдириш

Мавзуга алоқадор: