USD: 11,938 so'm EUR: 13,769 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,108 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 26 so'm TRY: 250 so'm AED: 3,251 so'm USD: 11,938 so'm EUR: 13,769 so'm RUB: 142 so'm GBP: 16,108 so'm CNY: 1,770 so'm KZT: 26 so'm TRY: 250 so'm AED: 3,251 so'm

Saytdan izlash

Saqlangan xabarlar

Sizda hozircha saqlangan xabarlar yo'q!

Yangiliklarni o'qish

Maxfiylik siyosati

Saytimizdan foydalanishda sizga eng yaxshi tajribani taqdim etish uchun biz cookie-fayllardan foydalanamiz. Saytimizdan foydalanishda davom etish orqali siz Maxfiylik siyosati va Foydalanish shartlari ga rozilik bildirgan bo‘lasiz.

50 йил аввал ишлаб чиқарилган автомашиналар тақдири кимнинг қўлида? “Антиквар”лик мезонларининг ноаниқлиги коррупция хавфини кучайтириши мумкин

178 марта

50 йил аввал ишлаб чиқарилган автомашиналар тақдири кимнинг қўлида? “Антиквар”лик мезонларининг ноаниқлиги коррупция хавфини кучайтириши мумкин

2026 йил 1 февралдан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича янги тартиб кучга кирди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 январдаги 11-сон қарорига мувофиқ, бундай транспорт воситалари фақатгина “антиквар” автомототранспорт воситаси мақоми берилган ҳолдагина йўл ҳаракатида қатнашиши мумкин бўлади.

Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йил ёки ундан ортиқ бўлган, бироқ “антиквар” мақомига эга бўлмаган автомашиналардан фойдаланиш тақиқланади. Улар қайта рўйхатдан ўтказилмайди ва давлат рўйхатидан чиқарилади. Бундай транспорт воситаларининг йўл ҳаракатида қатнашиши қонунбузарлик ҳисобланади.

Мазкур қоида нафақат юк автомобиллари ёки махсус техникаларга, балки оддий енгил автомашиналарга ҳам тааллуқли. Бир сўз билан айтганда, улар бир уюм темирга айланади.

Шу ерда жуда ўринли саволлар туғилади. Қайси мезонларга асосан "Антиквар" белгиси берилади? Антиквар белгисини олиш учун яна алоҳида тўлов жорий қилинадими?
Мезонларни баҳолашда бари бир иносон омили аралашади. Унда бюрократизм ва коррупция авж олмайдими? Бу саволларга жавоб бўлувчи қисмлар ҳужжатда келтирилмаган.

Ҳужжатга мувофиқ, транспорт воситаси ишлаб чиқарилганига камида 50 йил бўлган, ташқи кўриниши, тузилиши ва асосий агрегатлари сақланган, шунингдек, тарихий ёки коллекцион қийматга эга бўлса, “антиквар” деб тан олиниши мумкин. Бундай автомашиналар давлат рўйхатидан ўтказилади ва улар учун “ANT” серияли алоҳида давлат рақами белгиси берилади.

Бироқ айнан шу жойда қарорнинг энг баҳсли жиҳати юзага чиқади. “Асл ҳолат” тушунчасианиқ техник регламент ёки ўлчовлар билан белгилаб кўрсатилмаган. Қай даражадаги ўзгаришга йўл қўйилиши мумкинлиги, қайси агрегатлар “асосий” ҳисобланиши, баҳолашни ким ва қандай мезонлар асосида амалга ошириши аниқ кўрсатилмаган.

Натижада “антиквар” мақомини бериш ёки рад этиш масаласи амалда инсон омилига инспектор ёки комиссия қарорларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат эса, табиийки, тенгсизлик ва коррупция хавфини кучайтиради. Сабаби қарорда рад этилган ҳолатлар бўйича мустақил экспертиза, иккинчи баҳолаш ёки онлайн апелляция механизми назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, қарорда айрим маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган нормалар ҳам мавжуд. Хусусан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда олди-сотди шартномаси, электрон аукцион баённомалари, давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан берилган электрон ҳисоб-маълумотлар ҳамда транспорт воситаси мулкдорига оид маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмайди. Ушбу ҳужжатлар ваколатли органлар томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали мустақил равишда олинади.

Бироқ мазкур рақамлаштириш қарор қабул қилиш мазмунига, хусусан, “антиквар” мақомини беришдаги баҳолаш мезонларининг ноаниқлигига таъсир кўрсатмайди. Юқоридаги саволларимизга жавоб бўла олмайди.

Қайд этилишича, давлат рақами белгиларини бериш ва сервис хизматлари учун тўловлар миқдорлари “Uzavtomotoservis” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади. Бироқ “антиквар” автомашиналар учун алоҳида ёки оширилган тўлов жорий этилиши масаласи ҳамда тўловларни шакллантириш механизми очиқ қолган.

Дейлик, қайсидир мезон асосида чеклов ёки тўлов харажатлари фалон сўмдан оширилмайди, деб кўрсатилганида, бошқа гап эди. “Uzavtomotoservis” давлат унитар корхонаси монопол мақомга эга экан, у истаган сўмни белгилаши ва бунга етарлича сабаб топиб бериши мумкин.

Шунингдек, расмий мақсад сифатида тизимни рақамлаштириш, бюрократик тартибларни қисқартириш ва маъмурий ишларни соддалаштириш кўрсатилган бўлса-да, амалда инсон омилини камайтиришга қаратилган аниқ кафолатлар етарли эмас. Айниқса, 50 йилдан ошган минглаб автомашиналар тақдири “антиквар” мақомини беришдаги субъектив ёндашувларга, яъни инсон омилигагина боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Агар қўшимча равишда очиқ техник регламентлар, балл асосида баҳолаш тизими, мустақил экспертлар институти ва онлайн апелляция механизми жорий этилмаса, мазкур қарор рақамлаштириш орқали ислоҳот эмас, балки янги муаммолар манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин.

Тегишли ташкилотлардан ушбу очиқ қолган саволларга жавоб беришларини сўраб қоламиз.

Изоҳ қолдириш

    • Гулмуратова Гулжамол Гулбадан қизи 12 Fevral 2026 09:27
      Ички ишлар вазирлиги 50 йилдан ошган, антиквар деб топилган автомобиллардан фойдаланиш тартибига изоҳ берди. Аввалроқ Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб 50 йилдан ортиқ эксплуатация қилинган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланиши ва бундай транспорт воситалари давлат рўйхатидан чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. ИИВ МИБ маълумотига кўра, антиквар автомобиллар ушбу чекловдан мустасно ҳисобланади. Ҳукумат қарорига мувофиқ, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган, асл ташқи кўриниши, конструктсияси ҳамда асосий агрегатлари сақланиб қолган автотранспорт воситалари антиквар автомобиль сифатида эътироф этилади. Юридик шахсларга тегишли антиквар автомобиллар учун ANT серияли I, IA, ИЭ ёки IAE турдаги давлат рақам белгилари, жисмоний шахсларга тегишлилари учун эса ANT серияли III, IIIA, IIIE ёки IIIAE турдаги давлат рақамлари жорий этилади. Бундай транспорт воситалари учун давлат рақам белгиларини олиш мақсадида фуқаролар ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларига мурожаат қилиши лозим. https://darakchi.uz/uz/211245

Мавзуга алоқадор: