Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Ушбу қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Сенатор Абдулхаким Эшмуродовнинг маълум қилишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши очилган. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага етган.
Қонун билан 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди. Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қўллаш ҳамда муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади. Зўравонликдан жабрланган болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида уларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзувга қайд этиш белгиланмоқда.
Жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштириш эса фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида ўтказилади. Бундан ташқари, болага процессуал жараённинг дастлабки босқичиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган ҳолларда улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳам ҳуқуқий асос яратилади. Шунингдек, ота-оналарнинг болаларга етарлича ғамхўрлик қилмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилди.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ, Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади.