Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) Ўзбекистонга имтиёзли молиялаштириш шаклида 150 млн доллар ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, ушбу маблағлар “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” дастурининг иккинчи босқичини амалга оширишга йўналтирилади. Дастур мамлакатнинг олтита вилоятидаги қишлоқ ҳудудларида жамоат инфратузилмаси ва хизматларни яхшилашга ёрдам беради.
Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда Жаҳон банки (100 миллион доллар) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) (82 миллион доллар) молиявий кўмагида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” дастурини амалга оширишни бошлаган. 2026 йил июнь ойида дастур якунлангунга қадар унинг доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 306 та қишлоқ туманларидаги маҳаллаларда 900 дан ортиқ сублойиҳалар молиялаштирилган.
Ушбу сублойиҳалар, хусусан, 340 дан ортиқ йўл, 220 та электр таъминоти тизими, 160 та сув таъминоти тизими, 100 га яқин мактаб, 40 та мактабгача таълим муассасаси ва 10 та кўприкни қуриш ёки модернизация қилиш ишларини ўз ичига олган. Умуман олганда, ушбу ўзгаришлар тахминан 1 миллион қишлоқ аҳолисига бевосита фойда келтиргсн, уларнинг ярми аёллар.
“Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” дастурининг иккинчи босқичи умумий бюджети 340 млн долларни ташкил этади. Дастур Жаҳон банки (150 млн доллар), ОИИБ (120 млн доллар) ва Ўзбекистон ҳукумати (70 млн доллар) томонидан молиялаштирилади. Дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та маҳаллада амалга оширилади. Жаҳон банки томонидан молиялаштириш аниқ натижаларга ва дастурни амалга оширишнинг асосий босқичларига эришилгандан сўнг траншлар билан тақдим этилади.
“Дастурнинг янги босқичи, унинг биринчи босқичи каби, маҳаллалар аҳолисининг эҳтиёжларини биринчи ўринга қўяди. Талаб юқори бўлган инфратузилмани ривожлантириш иштирокчи маҳаллаларда, жумладан, аёллар ва ёшлар ўртасида турмуш даражасини оширади. Дастурнинг янги йўналишлари қишлоқда тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринларини яратишни ўз ичига олади”, дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳасин.
Дастур 2031 йилгача транспорт инфратузилмаси, ичимлик суви тармоқлари, электр таъминоти ва бошқа объектларни ривожлантиришга инвестициялар киритиш орқали олтита вилоятдаги маҳаллаларда жамоат инфратузилмаси ва хизматларини яхшилашга ёрдам бериши кутилмоқда. Ушбу ўзгаришлардан 1,2 миллионга яқин қишлоқ аҳолиси, жумладан, 600 минг аёл ва 300 минг ёшлар манфаатдор бўлади.
Бундан ташқари, 15 та пилот маҳаллада бизнесни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш соҳаларида банд бўлган маҳаллий тадбиркорларга молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш ва ўз маҳсулотларини сотиш бозорларини диверсификация қилишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар 1 500 га яқин тўғридан-тўғри иш ўринларини яратиш ва маҳаллий ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Дастур қишлоқ хўжалиги ва микро, кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантиришга қаратилган Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган бошқа лойиҳалар билан биргаликда дастур амалга ошириладиган ҳудудлардаги маҳаллаларда қўшимча равишда 25 000 га яқин янги ва юқори маошли иш ўринларини яратишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳада комплекс ислоҳотларни амалга ошириш учун 200 миллион АҚШ доллари ажратишни маъқуллаган эди.