Япониянинг жанубида содир бўлган 7,1 магнитудали зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 нафарга етди. Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қутқариш ишларини давом эттирмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни "Reuters" хабар берди.
Япония бош вазири Санаэ Такаичининг айтишича, қутқарув ишларида ҳар бир дақиқа муҳим аҳамиятга эга.
“Ҳозир ҳам қутқарилишини кутаётган одамлар бор ва бу вақт билан пойга ҳисобланади. Имкон қадар кўпроқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун мавжуд барча куч ва воситалар сафарбар қилинади”, деган Такаичи.
Зилзила минглаб уйларни электр таъминотисиз қолдирган, йўлларга жиддий шикаст етказган.
29 июль куни эрталаб қутқарувчилар қисман қулаб тушган савдо маркази вайроналари орасидан саккиз нафар инсонни тирик олиб чиққан. Зилзиладан тахминан бир соат ўтиб содир бўлган, сабаби ҳозирча номаълум портлаш оқибатида 20 ёшлардаги икки аёл ҳалок бўлган. Маҳаллий ОАВга кўра, ҳодиса газ портлаши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги текширилмоқда.
Қутқарувчилар, полиция ва ҳарбийлар ёрдам чақирувлари келиб тушган ҳудудларда қидирув ишларини олиб бормоқда. NHK телеканали маълумотига кўра, савдо марказининг 20–30 нафар ходими бедарак йўқолган.
Шунингдек, Nippon Paper Industries компанияси заводида мўри қулаши оқибатида 7 киши бедарак йўқолган, тўрт нафар инсон оғир жароҳат олган. Шифохоналарда ўнлаб жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳокимият Кумамото префектураси бўйлаб тахминан 260 минг кишига эвакуация марказларига кўчиш бўйича кўрсатма берган.
Зилзила эпицентри аҳолиси 700 минг нафарга яқин бўлган Кюсю оролининг энг йирик шаҳри Кумамотодан жанубга томон тахминан 20 километр узоқликда жойлашган.
Мутахассислар аҳолини камида бир ҳафта давомида такрорий кучли зилзилалар ва кўчкилар хавфидан огоҳ бўлишга чақирган.
Қайд этилишича, ҳозир ҳам 36 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолмоқда. Ҳаво ҳарорати 34 даражагача кўтарилгани сабабли иссиқ уриши хавфи ҳам ортиб бормоқда.
Эпицентрга яқин Уки шаҳридаги шифохоналардан бири электр узилиши сабабли тўлиқ ишлай олмаётганини билдирган. Муассаса раҳбарияти унинг “дала госпитали”га айланганини маълум қилган. Яна бир шифохона эса зилзиладан кейин 86 нафар жабрланганни қабул қилгани ортидан янги беморларни қабул қилишни вақтинча тўхтатган.
Зилзила вақтида тезюрар поездларда бўлган бир неча йўловчи ҳам жароҳат олган.
Энг катта вайрона Кумамото префектурасидаги 200 га яқин дўкон жойлашган Aeon савдо марказида кузатилган. Портлаш оқибатида биноларнинг бир қисми қулаб, темир конструкциялар ва чиқиндилар автотураргоҳга сочилиб кетган. Компания вакили зилзиладан сўнг барча мижозлар ва ходимлар эвакуация қилинганини, портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмаслигини айтган.
Зилзила ортидан Tokyo Electron ва Honda компаниялари минтақадаги заводлари ишини бугун, 29 июль кунигача тўхтатган. Дунёнинг энг йирик шартнома асосида чип ишлаб чиқарувчиси TSMC эса эҳтиёт чораси сифатида маҳаллий корхонаси ходимларини эвакуация қилган, кейинчалик ишлаб чиқариш босқичма-босқич қайта тикланганини маълум қилган.
Йирик автомобиль йўлларида ҳам катта ёриқлар пайдо бўлиб, транспорт ҳаракати издан чиққан.
Маълумот учун, Япония Тинч океани атрофидаги “Олов ҳалқаси”да жойлашгани сабабли дунёдаги энг сейсмик фаол давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда 6,0 ва ундан юқори магнитудали зилзилаларнинг қарийб 20 фоизи содир бўлади.
Бундан ўн йил аввал Кумамотода юз берган кучли зилзила 275 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 2 739 нафар инсон жароҳатланган ва минглаб биноларга, жумладан машҳур Кумамото қалъасига жиддий зарар етказган.