АҚШ Адлия вазирлиги исроилпараст конгрессменга хизмат кўрсатишдан бош тортишини эълон қилган Нью-Йоркдаги ўзбек қаҳвахоналар тармоғига нисбатан фуқаролик ҳуқуқлари бузилиши бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Адлия вазирлигининг фуқаролик ҳуқуқлари бўйича бош прокурори Хармит Дҳиллоннинг маълум қилишича, у ўзбек маданиятидан илҳомланиб ташкил қилинган кичик “Poetica Coffee” қаҳвахоналар тармоғига нисбатан терговни бошлашга буйруқ берган. Бунга сабаб қилиб эса қаҳвахона исроилпараст конгрессмен – АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси Дэн Голдманга хизмат кўрсатишдан бош тортганини келтирган.
“Бундай ҳаракатлар нафақат қораланишга лойиқ, балки потенциал равишда қонунга зиддир. Фуқаролик ҳуқуқлари департаменти тергов бошлади ва агар асослар топилса, қонуний чоралар кўради”, деб ёзди АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан тайинланган Дҳиллон ўзининг X тармоғидаги саҳифасида.
Бруклин ва Ист-Виллижда еттита филиалига эга бўлган “Poetica Coffee” норозиликларга сабаб бўлаётган изоҳларни ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 21 июнь куни Голдман қизи билан биргаликда қаҳвахоналардан бирига ташриф буюрганидан кейин қолдирган.

“Бугун қаҳва ичиш учун дўконимизга кирганингизни кўрдик”, дейилади “Poetica Coffee”нинг Facebook ва Instagram'даги постларида.
Постга Голдманнинг Бруклиндаги Лоример кўчасида жойлашган филиалда тушган сурати ҳам илова қилинган.
“Унинг таъми геноцид шарбатига ўхшамаслигини сездингизми? Ёки ҳалиям фарқига боришга қийналяпсизми? Қаранг, биз бу ерда – “Poetica”да ирқчилар, фашистлар, гомофоблар, геноцидга йўл очиб берувчилар ёки шулар орасидаги ҳеч кимга хизмат кўрсатмаймиз. Сизни дарров танимаганимиз ёмон бўлди, акс ҳолда сизни ичкарига қўймай, қайтариб юборган бўлардик”, дейилади “Poetica Coffee” изоҳида.
“Poetica Coffee” Голдманнинг ушбу филиалда сарфлаган 9,82 доллар пулини қайтариб берганини ва у бошқа ҳеч қачон қайтиб келмаслиги кераклигини қўшимча қилган. Қаҳвахона асосчиси Парвиз Муҳаммадқулов “Al Jazeera”нинг ҳолат бўйича сўровларига ҳали жавоб бермаган.
Бироқ нью-йорклик конгрессменнинг ўзи қаҳвахоналар тармоғи устидан тергов олиб борилиши керак эмас деб ҳисоблашини айтган.
“Мендан фарқли ўлароқ, ўз минбарига эга бўлмаган ва сайланган расмий шахс бўлмаган оддий одамларга нисбатан қилинаётган антисемитизмни (яҳудийларга қарши нафратни) тергов қилишга ўз вақтлари ва ресурсларини сарфлашларини афзал кўрган бўлардим”, дейди у.
Адлия вазирлиги “Poetica Coffee”га нисбатан қандай ҳуқуқий асосда чора кўриши ҳозирча ноаниқ.
АҚШ федерал ва Нью-Йорк штати қонунчилиги корхоналарга ирқи, дини, жинси ва миллий келиб чиқиши каби ҳимояланган белгилар асосида хизмат кўрсатишни рад этишни тақиқласа-да, бу ҳимоя сиёсий қарашлар ёки мафкурага нисбатан татбиқ этилмайди.
Голдман Демократик партия ичида Исроилнинг фаол тарафдори сифатида танилган ва ўзини ушбу мамлакатнинг “фахрли сионисти ва содиқ қўллаб-қувватловчиси” деб таърифлайди.

Исроилнинг ашаддий танқидчиси Брэд Ландер томонидан праймеризда (партия ичидаги сайловда) жиддий рақобатга дуч келаётган Голдман жорий сайлов циклида исроилпараст номзодларни қўллаб-қувватловчи Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси (AIPAC) ва унга алоқадор гуруҳлардан қарийб 195 000 доллар миқдорида сайлов кампанияси учун хайрия маблағлари олган.
Голдман Исроилнинг Ғазода геноцид содир этаётганини инкор қилиб келади, гарчи у анклавдаги вазиятни “даҳшатли” деб атаган ва у ерда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган бўлса-да.
Шунингдек, у Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳам кескин танқид қилиб, унинг ҳукуматини “экстремистик” деб атаган ва босиб олинган Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида яҳудий турар жойлари кенгайтирилишига қаршилигини билдирган.